Сеул шаҳрида Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) Президенти Чанг Вон Сам ўртасидаги учрашувда ҳамкорлик истиқболлари ва Кореянинг Ўзбекистондаги агентлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида 4 та KOICA касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлиб, улар 13 минг ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш имконини берди. Кейинги босқичда Урганч шаҳрида янги марказ очиш учун 9 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилди.

KOICA Президенти жорий йилда Тошкентда 5,5 милиион доллар миқдорида техник баҳолаш ва Кадрлар тайёрлаш Миллий маркази қурилиши муваффақиятли бошланганини юқори баҳолади. Томонлар, шунингдек, бундай лойиҳалар сонини кенгайтириш, ҳудудларда янги касб-ҳунарга ўқитиш марказларини яратиш ва бошқа таълим муассасаларида Корея технологиялари асосида қўшма марказларни ривожлантиришга келишиб олдилар. Таълим сифатини ошириш учун қўшма марказларда ўқув жиҳозларини янгилаш режалаштирилган.
Ушбу шартномалар Ўзбекистон ва KOICA ўртасида мамлакатда касб-ҳунар таълими ва меҳнат ресурслари малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун эшик очади. Янги лойиҳалар қашшоқликни камайтириш ва аҳоли бандлиги даражасини оширишга хизмат қилади, бу эса Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муҳим ҳисса бўлади.
Сурат: UzDaily.uz