Тошкентда 5 июн куни Ўзбекистон-Германия тадбиркорлар Кенгашининг саккизинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Германия иқтисодий шарқ қўмитаси Президиуми аъзоси Maнфред Грундке раислигида ўтган тадбирда икки мамлакатнинг етакчи фирма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Форум доирасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, турли соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тизимли ислоҳотлар, жумладан, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Knauf, Papenburg, Falk Porsche, Klaas, Commerzbank, KfV каби кўплаб немис компания ва банклари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Бизнес-форумда иштирокчилар яшил энергетика, ахборот технологиялари, транспорт, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирдилар.