Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июн куни Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан учрашув ўтказди.

ЖСТ раҳбари Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги саъйи-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТ га аъзо бўлиши бўйича кўрилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Ҳозирда аъзо давлатлар билан музокаралар олиб борилаётгани, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари бўйича муҳокамалар бошлангани, миллий қонунчиликни ЖСТ нормалари ва қоидаларига уйғунлаштириш ишлари давом этаётгани қайд этилди.

Шунингдек, улар «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, электрон тижорат ва рақамли хизматлар экспортини кўпайтириш бўйича ҳамкорлик зарурлигини таъкидладилар. Учрашув давомида ЖСТ кўмагида Ўзбекистонда «Савдо сиёсати соҳасида ваколатлар маркази» ни ташкил этиш таклиф этилди.
Президент Нгози Оконджо-Ивеалага давра суҳбати ва Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари талабалари билан учрашувда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.
Сурат: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати