Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор елчиси Смита Пант билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида вазир Ҳиндистон вакилини Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчи этиб тайинлангани билан табриклаб, юксак ва масъулиятли ишида муваффақиятлар тилади.
Бундан ташқари, ахборот технологиялари, технопарклар ва инновация марказларини ривожлантириш ва бошқаришнинг ҳозирги ҳолати, IT-таълим ва янги технологияларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди. Учрашувда келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Смита Пант Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Икки мамлакатни бирлаштирувчи омилларни санаб ўтиб, Ўзбекистон бозорига қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.
Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятни қайд этиб, бу борадаги барча саъйи-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Бундан ташқари, учрашувда томонларни қизиқтирган истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ соҳасида тажриба алмашиш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.