Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Бақаев АҚШ нинг Афғонистондаги дипломатик миссияси раҳбари Kaрен Декер, АҚШ нинг Қозоғистондаги элчиси Даниел Розенблюм ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан учрашди. Учрашув Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтди.
Асосий эътибор минтақавий хавфсизлик масалалари ва Афғонистонда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш чораларига қаратилди. Томонлар мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва афғон аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш йўлларини муҳокама қилдилар.
Алибек Бақаев гуманитар ёрдам муҳимлигини таъкидлаб, Қозоғистон Афғонистонга мунтазам равишда гуманитар ёрдам юборишини, афғон талабаларини ўқитишини ва халқаро ташкилотлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишини айтди. Шунингдек, у Қозоғистоннинг амалий ҳамкорлик доирасида Афғонистон билан савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш ниятини таъкидлади.
AҚШ томони Қозоғистонга афғон халқини доимий қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди ва Астананинг Кобул билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъйи-ҳаракатларини ижобий баҳолади. Америкалик дипломатлар Афғонистон билан кейинги ҳамкорликнинг самарали механизмларини яратиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Сурат: ҚР ТИВ