Пекин шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Тожикистон ва Хитой ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Тожикистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завкизода Завки Амин ва Хитой Халқ Республикаси савдо вазирининг ўринбосари, савдо музокаралари куратори Линь Цзы олиб борди.
Тожикистон Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, йиғилишда тегишли протокол имзоланган. Тожикистон вазирлиги раҳбари икки мамлакат раҳбарлари — Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзиньпиннинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини қайд этди.

Хитой Тожикистоннинг иккинчи йирик савдо шериги бўлиб, мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларига фаол сармоя киритади. 2023 йилда Тожикистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 24,2 фоизга кўпдир.
Маълум бўлишича, яқин келажакда Тожикистон ҳукумати ва парламентининг янги биноларида қурилиш ишлари якунланади, шунингдек, инвестиция, электрон тижорат, янги энергия манбалари ва тоғ — кон саноати соҳасида тегишли шартномалар тузилади.
Кейинги ҳамкорлик учун томонлар устувор инвестиция лойиҳалари, жумладан, яшил энергия, “Тожикистон алюминий” компаниясини модернизация қилиш, Данғара ҳудудида логистика маркази, Душанбеда 4 та йўл ўтказгич қуриш ва Варшез-Кульма автомагистралини реконструкция қилиш бўйича келишиб олдилар.