Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иш сафари доирасида Россияга ташриф буюрди. Ташрифнинг дастлабки кунларида делегация Бошқирдистон Республикасидаги «Алга» махсус иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди.

2023 йил якунларига кўра, Россия махсус иқтисодий зоналарининг инвестицион жозибадорлиги миллий рейтинги доирасида «Алга» МИЗ импорт ўрнини босиш тоифасида энг яхши деб топилди.
Ташриф чоғида Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши муҳокама қилинди, Бухоро вилоятининг сармоявий салоҳияти ва имкониятлари тақдим этилди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик кластери “Бухоро Агрокластер” МЧЖ ва Россиянинг “Алтын Солок» корхонаси ўртасида асаларичилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Ботир Зарипов Уфада Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров билан ҳам учрашди. Учрашувда Бухоро вилояти билан Бошқирдистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий, маданий, туризм, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Радий Хабиров Бошқирдистон ва Ўзбекистон узоқ йиллик дўстона муносабатларга эга эканлигини таъкидлади.
«Биз Бухорони сайёҳлик шаҳри сифатида биламиз. Бу Ўзбекистоннинг дурдонаси. Шу билан бирга, Бухоро ҳам саноат ҳудуди ҳисобланади. Сиз нефтни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш корхоналари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантирдингиз. Биз сиз билан бу соҳаларда ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Р.Хабиров.
Бошқирдистон раҳбари туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳам таъкидлади. Хусусан, Уфадан Самарқандга тўғридан-тўғри рейс уч йил аввал очилгани қайд этилди.
Ботир Зарипов, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбек тадбиркорларига Бошқирдистон ҳудудидан ер участкалари ажратишни таклиф қилди. Маҳсулотлар Ўзбекистон бозорига экспорт қилиниши режалаштирилган.
Радий Хабиров бу таклифни маъқуллади ва бу мақсадлар учун Бошқирдистон ҳудудидан 10 000 гектаргача ер ажратишга тайёрлигини айтди. Натижада «Бухоро Агрокластер» МЧЖ ни пахта ва тўқимачилик кластери учун тўққиз минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш бўйича келишувга эришилди.
Сурат: Бошқирдистон Республикаси Раҳбарининг матбуот хизмати