Анқарада Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди — ИА Караван Инфо
Анқарада Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтди

Анқарада (Туркия) Туркия палаталари ва биржалари Иттифоқи биносида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия бизнес форумида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва Молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Олий даражадаги форумда 500 нафар иштирокчи, жумладан, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари, инвесторлар, халқаро экспертлар ва мутахассислар иштирок этди.

Тадбир давомида турк компаниялари раҳбарлари билан музокаралар олиб борилди. Давлат-хусусий шериклик, хусусийлаштириш, тоғ — кон ва геология, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш асосий масалалардан иборат бўлди.

Давлат-хусусий шериклик бўйича сессия якунлари бўйича Туркиянинг 10 компанияси билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги вакиллари туркиялик тадбиркорларни 2024-2025 йилларда эълон қилиниши кутилаётган тендерларга жалб этишга қаратилган тақдимот ўтказдилар.

Форумнинг якуний қисмида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг тўқимачилик, заргарлик, қурилиш, чарм ва бошқа саноат маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Бизнес-форум доирасида В2В учрашувлари бўлиб ўтди (изоҳ: бизнес вакилларининг бизнес вакиллари билан учрашувлари), бу бизга яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ масалаларини батафсил муҳокама қилиш имконини берди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Туркиянинг иқтисодий ва бизнес соҳалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, 2017-2023-йилларда Ўзбекистонда Туркия билан бизнес юритадиган тадбиркорлик субъектлари сони икки баробарга ошиб, қарийб 5200 та компанияни ташкил этди. Ушбу компаниялар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, туризм, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлайди.

Сурат: UzDaily.uz

error: