Бош вазир ўринбосари — Қозоғистон Миллий Иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров Халқаро Молия Корпорациясининг (ХМК) тармоқлараро ечимлар бўйича Вице-президенти, Жаҳон банки гуруҳи аъзоси Эммануэль Ньиджиринкиндри билан учрашди.

Учрашув давомида Қозоғистонда инвестицияларни жалб қилиш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизми доирасида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
«Ҳамкорлик йилларида биз янада ривожлантириш ниятида бўлган кенг кўламли иқтисодий масалаларга таъсир кўрсатадиган ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйдик. Хусусан, инфратузилма лойиҳалари ва махсус фондлар яратиш соҳасида мутахассисларимизни халқаро IFC сертификатлари билан ўқитиш ва сертификатлаш имконияти бизни қизиқтиради», — деди Н.Байбазаров.
Бош вазир ўринбосари, шунингдек, корпорациянинг молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган лойиҳалар Қозоғистоннинг барқарор ривожланиши ва иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнашини таъкидлади.
Ўз навбатида, Эммануэль Ньиджиринкиндри Халқаро Молия Корпорацияси Қозоғистоннинг салоҳиятини тан олишини ва ривожланишнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди.
Учрашув якунида IFC вакиллари мамлакатнинг барқарор ўсиши учун улкан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда ёрдам бериш учун халқаро тажриба ва ресурсларни тақдим етишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Сурат: Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг расмий ахборот ресурси