Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркиядаги йирик қишлоқ хўжалиги компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Туркия уруғ ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув аввалида уюшма раҳбарияти Иброҳим Абдураҳмоновга миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда давлатлар ўртасида уруғчилик соҳасидаги ҳамкорлик анча кенгайганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда уруғчилик тизимини ўзгартириш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Вазир Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) билан уруғчилик соҳасида ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилганини, уларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашувда Туркия уруғ ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбарияти Туркияда уруғчилик тажрибаси ва натижалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, улар нафақат ўсимлик уруғлари, балки мева-сабзавот уруғларини ҳам етиштиришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.