2024 йил 15-17 июл кунлари Чеченистон Республикаси пойтахтида Республика Раҳбари резиденцияси ва «Стройкар” Павильони” кўргазма маркази (ЭКСПО) ҳудудида Кавказ инвестиция форуми (КИФ) бўлиб ўтди. Форумда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Бауыржан Кудайбергенов иштирок этди.

КИФ бизнес дастурининг марказий тадбири «Катта Кавказ – денгиздан денгизгача» мавзусига бағишланди. Форумнинг асосий йўналиши минтақавий иқтисодиётнинг асосий тармоқлари: инфратузилма, агросаноат мажмуаси, туризм ва логистика соҳаларига қаратилган. Тадбирлар доирасида ҳукумат ва бизнес вакиллари минтақалараро ҳамкорлик ва унинг Шимолий Кавказнинг иқтисодий ўсишига таъсирини муҳокама қилдилар, шунингдек тармоқ тематик сессияларини ўтказдилар.
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Бауыржан Кудайбергенов «Ҳаммаси ўзимизники: қишлоқ хўжалиги соҳасида суверенитетга эришиш стратегиялари» ва «Инвесторлар учун махсус иқтисодий зоналар: босиб ўтилган йўл ёки янги имкониятлар»сессияларида иштирок этди.
Форум давомида Бауыржан Кудайбергенов Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирининг ўринбосари Дмитрий Вольвач билан учрашди, унда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ва икки мамлакат ўртасида инфратузилма ва савдо соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Tранспорт логистикасини ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида томонлар иқтисодий шерикликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратиш устида ишлаш ниятларини тасдиқладилар.

Бундан ташқари, Чеченистон Республикаси Иқтисодий, ҳудудий ривожланиш ва савдо вазирининг ўринбосари Асламбек Межидов билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда савдо соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлашни кенгайтириш, иқтисодий режалаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Сурат: Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги