Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2023 йил 21 июлда Бишкекда имзоланган мактаб таълимини ривожлантириш дастури тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилди.

Аввалроқ, 2024 йил 27 июнда қонун Қирғизистон Республикасининг Жогорку Кенеши томонидан қабул қилинган эди.
Шартномалар мактаб ва олий таълим даражаларида фан, технология, муҳандислик ва математикага алоҳида эътибор қаратган ҳолда барча фанларни ўқитиш усулларини такомиллаштиришни назарда тутади.
Бундан ташқари, ҳужжатлар Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг қарори билан тасдиқланган 2021-2040 йилларда Қирғизистон Республикасида таълимни ривожлантириш дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун молиявий ресурсларни ажратишни назарда тутади.
Қирғизистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, келишувларда рақамли муҳитни ривожлантириш, рақамли таълим ва таълим ресурсларидан фойдаланиш, талабаларнинг билим ва компетенцияларини ривожлантиришга йўналтирилган таълим мазмунини модернизация қилиш, педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг касбий ва мартаба ўсишининг самарали моделини жорий этиш кўзда тутилган.
Имзоланган шартномаларга кўра, Қирғизистон Республикаси 40 миллион доллар олиши керак, шундан 20 млн. доллари грант асосида, яна 20 млн. доллари кредит асосида.