Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Акан Раҳматуллин Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котибининг ўринбосари ва БМТ нинг Осиё ва тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ОТОИИК) Ижрочи котиби Армида Алисжабана билан учрашув ўтказди. Учрашув Алисжабананинг 2024 йил 3-5 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференциясида иштирок этиш учун Астанага ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Муҳокаманинг асосий мавзуси қўшма лойиҳаларнинг истиқболлари, шу жумладан Алматыда ОТОИИК рақамли ечимлар марказини яратиш бўйича Қозоғистон ташаббуси эди. Ушбу марказ ҳамкор давлатлар ўртасида инновацион технологиялар соҳасида тажриба алмашиш майдончасига айланиши кутилмоқда.
Акан Раҳматуллин Қозоғистон комиссиянинг бошқа аъзо давлатлари билан амалга ошириш ва алмашиш учун 20 дан ортиқ рақамли ечимларни таклиф қилишга тайёрлигини таъкидлади. Шунингдек, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш ва экспорт транзит йўналишларини минтақавий миқёсда диверсификациялашга алоҳида эътибор қаратилди.
Армида Алисжабана Қозоғистоннинг минтақа мамлакатлари ўртасидаги рақамли соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъйи-ҳаракатларини юқори баҳолади. Шунингдек, у мамлакатнинг Евросиё майдонида транзит салоҳиятини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлади.
Конференцияда рақамли технологиялар барқарор ривожланишга қандай ҳисса қўшиши, тенгсизликни камайтириши ва одамларнинг имкониятларини кенгайтириши муҳокама қилинди. Тадбирда рақамли технологиялар вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва минтақанинг барча ҳудудларидан экспертлар иштирок этди.
Сурат: ҚР ТИВ